Шрифт катталиги:
Сайтни ранги:

Россиядан Федерациясидан 20 минг тонна юқори навли уруғлик буғдой олиб келинди.

2022-09-15 05:50:06

Кейинги йилларда республикада иқлим шароитини ўзгариб бориши, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда турли хил экстремал шароитларни кузатилиши натижасида, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини ривожлантириш бир мунча машаққат касб эта бошлади. Бироқ ҳукуматимиз ҳамда уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар яхши натижаларга эришишга сабаб бўлмоқда. Жумладан, олдин ғаллачиликда ўртача 25-30 центнер ҳосил олинган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 58-65 центнерни ташкил қилмоқда. Сара уруғ – мўл ҳосил, деган гап бор. Давлатимиз рахбари томонидан қишлоқ хўжалиги уруғчилигини янада ривожлантириш борасида амалга ошираётган ислоҳотлари натижасида ҳосилдорликнинг янада ошаётгани қувонарли ҳол.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан 2023 йил ҳосили учун уруғлик ғалла майдонларида ўтказилган дала апробацияси натижаларига кўра, 77,8 минг гектар ер майдонлари яроқли деб топилди ҳамда 270 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон жамғарилди. Соҳа олим ва мутахассисларининг кўп йиллик таҳлилларига кўра Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасидаги П.П.Лукьяненко номидаги Дон миллий маркази селекциясига мансуб республикамиз тупроқ-иқлим шароитига мос, табиатнинг турли стресс омилларига чидамли серҳосил буғдой навларининг юқори авлодли уруғликлари ҳисобига бошоқли дон экинларидан юқори ва барқарор ҳосил етиштириш имкониятларини бермоқда. Мазкур марказ селекционер олимлари билан 1997 йилдан буён ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, ҳар йили ушбу илмий муассасанинг 25-30 та янги селекцион нав ва линиялари синовдан ўтказилиб, маҳаллий шароитларга интродукция қилиб келиняпти.

Узоқ йиллардан буён экиб келинаётган ғалла навларини серҳосил ва турли стресс омилларга чидамли навлар билан янгилаш ҳамда ғалла навдорлиги, дон ва ун маҳсулотларининг сифатини яхшилаш мақсадида, республика ҳудудларининг иқлим шароити ва об-ҳавонинг турли хил стресс факторларига бардошли Россия селекциясига мансуб эртапишар, юқори ҳосилли буғдой навларининг 20 минг тонна уруғлигини Жиззах вилоятидаги “Кентекс” МЧЖ агрокластери томонидан ўз маблағлари ҳисобига олиб келинди.

Бугунги кунда Россия Федерациясидан олиб келинган уруғлик донни белгиланган тартибда тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш тадбирлари олиб бориляпти. Шунингдек республика бўйлаб кузги муддатларда экиш учун ғалла етиштирувчи агрокластер ва фермер хўжаликларига тўғри тақсимлаш ҳамда етказиб бериш ишларини ташкиллаштириш Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, импорт қилинган мазкур уруғлар сабабли Ўзбекистон шароитида ғалла ҳосилдорлиги 10-15%га ошиши кутилмоқда. Бунда уруғнинг ўз вақтида олиб келиниши катта аҳамиятга эга, чунки ўз вақтида экилган уруғ юқори ҳосил олинишига пухта замин яратади.